Россия Бош прокуратураси баёнотига кўра, British Council (“Британия Кенгаши”) “таълим ва маданият соҳаларидаги фаолияти, турли маърифий тадбирларни ташкил қилиши ҳамда инглиз тилини ўқитиш ниқоби остида” Буюк Британиянинг узоқ муддатли манфаатлари ва қадриятларини таълим, маданият ҳамда ёшларга оид сиёсат йўналишларида тарғиб қилиб келган.
Бундан ташқари, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) “Британия Кенгаши”ни Донбассдаги Россия ҳарбийлари ҳақида маълумот тўплашда айблади.
"Россия Қуролли Кучларининг Украинадаги ҳарбий операцияси бошланганидан кейин “Британия Кенгаши”нинг фаолияти очиқдан-очиқ давлатга қарши характерга эга бўла бошлади. “Британия Кенгаши” украиналик қочқинлар орқали, уларнинг Украина ҳудудидаги қариндошлари ва яқинларидан фойдаланиб, янги ҳудудлардаги вазият, Россия қўшинларининг жойлашуви ва бошқа разведка маълумотларини йиғиш ишларини ташкил қилган", дейилади ФСБ баёнотида
British Council (“Британия Кенгаши”) — Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунувчи жамоатчилик ташкилотидир. Ушбу ташкилот инглиз тилини ўқитишни (хусусан, IELTS имтиҳонларини ташкил қилишни) қўллаб-қувватлайди, халқаро таълим дастурларини молиялаштиради ва Британия билан бошқа мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиради.
Ташкилот расмий сайтига кўра, “Британия Кенгаши” 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда фаолият юритади ҳамда 100 дан ортиқ давлатда офисларга эга.