Бугун 4 июнь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Бойсунда "Tandir Fest" миллий анъаналар байрами ўтказилмоқда

Бойсунда "Tandir Fest" миллий анъаналар байрами ўтказилмоқда

Сурхондарё вилоятининг бетакрор табиати ва қадимий тарихи билан машҳур Бойсун туманида жонли анъаналаримиз, халқ амалий санъати ва ошпазлик маҳоратини кенг тарғиб этишга қаратилган "Tandir Fest" фестивали илк бор ўтказилмоқда, деб хабар беряпти "Дунё" АА.

Фестиваль Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир нафақат маҳаллий аҳоли, балки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва хориждан келган меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

"Tandir Fest" — бу нафақат таомлар фестивали, балки у миллий ўзлигимизни, қадимий анъаналаримизни ва халқимизнинг бебаҳо меросини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилувчи маданий байрамдир.

Тадбир доирасида халқимизнинг кўп минг йиллик гастрономик анъаналари, айниқса, тандирда гўшт тайёрлаш каби ноёб ошпазлик услублари намоён қилинди. Ҳудудлардан ташриф буюрган маҳоратли ошпазлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, тандир гўшти тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари эса фестивалга ўзгача мазмун бағишлади.

Шунингдек, миллий ҳунармандчилик ярмаркалари, халқ амалий санъати кўргазмалари, қадимий урф-одатларимизни намоён этувчи манзаралар, ранг-баранг концерт дастурлари ҳамда фольклор жамоаларининг чиқишлари фестивалнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Миллий рақслар, санъат намуналари ва мусиқа билан тўлдирилган шоду хандон муҳит ҳар бир иштирокчига унутилмас таассуротлар улашди. Фестиваль иштирокчилари учун яна бир эсда қоларли лаҳза — улар ҳаво шарлари орқали мафтункор Бойсун тоғлари ва гўзал табиатини осмондан томоша қилиш имконига эга бўлди. Бу имконият Бойсуннинг сайёҳлик салоҳияти қанчалик улкан эканини яна бир бор намоён этди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.

"Tandir Fest" фестивали 4 майга қадар давом этади.

Киритилди: 11:19 04.05.2025. Ўқилди: 647 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!