Номаълум шахслар Сопотда Польша бош вазири Дональд Тускнинг рафиқасига тегишли бўлган шахсий Lexus автомобилини ўғирлаб кетишди.
Бу ҳақда TVN24 телеканали маълум қилди.
"Биз сўров олдик, Гданьскдаги Воеводелик полиция бўлими ходимлари ушбу ҳодиса устида ишламоқда" - деди Польша полицияси бош бошқармаси TVN24 телеканалига. Gazeta Wyborcza газетасининг аниқлик киритишича, ўғирланган машина Тускнинг рафиқаси Малгожатага тегишли бўлган.
Қайд этилишича, Тускнинг оилавий уйи Сопот шаҳрида жойлашган бўлиб, у алоҳида муҳофазага олинган (Польшада юқори мартабали амалдорлар ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилиш Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади). Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳақида хабар берилмаган.