Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2024-йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1064 та мурожаат келиб тушган. 2023-йилга нисбатан солиштирганда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошган.
Ўтган йили Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга мониторинг шаклидаги жами 31 та ташриф амалга оширилган. Шу даврда улар 46 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этилган.
Қайд этилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ҳамда бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили натижасида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот киритилган ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан таъсир чоралари орқали муносабат билдирилган. Бунда бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан жами 36 та огоҳлантириш, тақдимнома, хулоса ва суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимосномалар киритилган.
Маърузада таъкидланганидек, мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган.
Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 7 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.
Болаларга нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Шунингдек, Интернет тармоғи мониторинги давомида аниқланган ўғил-қизлар ҳуқуқларининг бузилишига оид 83 та ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 15 та жиноят иши ҳамда 9 та маъмурий иш қўзғатилган.
Бундан ташқари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда 87 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланиб, 11 нафар болага васий ёки ҳомий тайинланиши таъминланган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар ва ҳамкор ташкилотларнинг сўровлари асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган.
Ўз фаолияти юзасидан очиқ ва шаффоф тарзда ахборот бериш мақсадида Болалар омбудсманининг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари йўлга қўйилган, “Bolalarvakili.uz” расмий веб-сайти ишга туширилган.
Муҳокамалар ниҳоясида маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.