Сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий «драйвери» бўлиб қолади, деди Шавкат Мирзиёев Намангандаги халқаро форумдаги нутқида.
Мисол келтирилишича, болаларнинг боғча билан қамраб олингани 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 миллион аёллар таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлган.
Бу ишлар давом эттирилиб, камбағал оила фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароитлар яратилади. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизи қоплаб берилади ва бу орқали 100 минг камбағал оила фарзандлари қамраб олинади.
Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтирилади.
Халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.
Мамлакатимизда хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.
Хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлди.
Буни давом эттириб, «Рақамли авлод қизлари» дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот ва молия технологиялари, сунъий интеллектга ўқитилади.
«Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди», — деди Президент ва барчани келгуси йилда Наманганда ўтадиган Осиё ишбилармон аёллар форумига таклиф қилди.