Ниш шаҳри (Сербия) мезбонлик қилаётган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кеча ярим финал жанглари бўлиб ўтди. Тўрт нафар ватандошимиз финал йўлланмаси учун рингга кўтирилди. Унда бир спортчимиз ғалаба қозонган бўлса, 3 нафар ҳамюртимиз мағлубиятга учради.
Фарзона Фозилова (-48 кг) Жаҳон чемпионатини бронза медали билан якунлайдиган бўлди. Боксчимиз ярим финал баҳсида, ҳакамларнинг қарорларига кўра, россиялик Юлия Чумгалаковага мағлуб бўлди.
Сабина Бобоқулова (-50 кг) ҳам мусобақани учинчи ўринда якунлади. Вакиламиз хитойлик Ху Меийига қарши баҳс олиб борди ва имкониятни бой бериб қўйди.
Феруза Казакова ҳам Жаҳон биринчилигини бронза билан тугатадиган бўлди. Боксчимиз -52 кг вазнда КХДР вакиласи Панг Чол Мига имкониятни бой бериб қўйди.
Навбаҳор Ҳамидова эса финалга йўл олди. Аёллар терма жамоамиз тарих ёзишда давом этади. Ҳамидова -66 кг вазнда россиялик Албина Молдажановани мағлубиятга учратиб финалга йўл олди.
Бокс бўйича аёллар терма жамоамиз тарихида илк марта спортчимз ЖЧ финалида жанг қиладиган бўлди.