Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони ижроси доирасида мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Шунингдек, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш борасида ҳам ютуқларга эришилди.
Буни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2023 йилнинг январь-декабрь ойлари мобайнида бошқарма томонидан 27,2 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилганини кузатиш мумкин.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов бу борада куйдагиларни сўзлаб берди:
– Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 20 трлн. 133,5 млрд. сўм имтиёзлар берилди. Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди.
Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 2 трлн. 468 млрд. сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилди. Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Мисол учун, 2023 йилнинг 12 ойи мобайнида 2,8 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди. Товарлар 80 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон ҳисобига тўғри келмоқда. Экспорт қилинган асосий товарлар: металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, тўқимачилик, электроника ва уларнинг қисмлари, калава ип, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, тадбиркорларга бир қанча қулайлик ва енгилликлар яратилмоқда. Ушбу қулайликлардан яна бири, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидир. Ўтган 2023 йил давомида 58 та тадбиркорлик субъектларнинг қиймати 128,7 млн. АҚШ долларлик товарлари ушбу режим имкониятларидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган.
Божхона постларида жами 71 997 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилиб, 499 740 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди. Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг 121 994 таси “яшил йўлак”, 290 321 таси “сариқ йўлак”, 87 425 таси “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 41,2 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Бошқармамиз томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 8 кг. 945 гр. гиёҳвандлик воситалари, 47 минг 629 дона кучли таъсир қилувчи моддалар, 1 дона қурол, 6 дона ўқ, 8 дона гильза каби қурол-яроғ ва портловчи моддалар, 41 минг донадан ортиқ тақиқланган диний мазмундаги материаллар, шунингдек, 362 мингдан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Келгусида ҳам контрабандага қарши муросасиз курашиш, фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш бошқармамизнинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади.