Сўнгги йилларда интернет ва ахборот технологиялари орқали харид ҳамда тўловларнинг онлайн амалга оширилиши инсонлар учун катта қулайлик яратиб, тобора қимматли ва қийматли бўлиб бораётган вақтни тежамоқда.
Бироқ айрим шахслар ушбу имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, айниқса Янги йил ва бошқа байрамлар арафасида турли совғалар ёки катта чегирмаларни баҳона қилиб, ҳатто давлат ташкилотлари номидан чиқиш қилиш орқали фуқароларни фирибгарлик йўли билан алдамоқда.
Хусусан, вилоят ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ фош этилиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, «Telegram» ва «Instagram» тармоқларида божхона тизими номидан «Мусодара товарлар» ва «Оптом склад» номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, гуруҳларда «Божхона қўмитаси админи», «Ишонч сиз билан» каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган.
Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.
Натижада жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирилган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлан юборгани аниқланган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда «қора рўйхат»га киритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.