Оксфорд Қироллик суди БМТ судьяси Лидия Мугамбени ватандошини ўзининг хизматкори ва фарзандларига қаровчи қилишга мажбурлагани учун олти йил тўрт ой озодликдан маҳрум қилди.
Мугамбе, айни пайтда Уганда Олий судининг ҳам судьяси ҳисобланади, у “ҳеч қандай пушаймонлик аломати кўрсатмаган” ва айбни жабрланувчига юклашга уринган, деди судья 2 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида.
50 ёшли Мугамбе Британия иммиграция қонунчилигини бузиш мақсадида тил бириктириш, эксплуатация мақсадида сафар уюштириш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва гувоҳни қўрқитишга уринишда айбдор деб топилди, деб ёзади The Guardian. У Оксфорд университетида ҳуқуқ фанлари доктори даражасини олиш жараёнида бўлган пайтда ватандошининг эркинлигини чеклаган.
Жабрланган қиз (унинг исми ошкор этилмаган) ўз хавфсизлигидан қўрққани сабабли Угандага қайтолмаслигини айтди. У эҳтимол онасини энди ҳеч қачон кўрмаслигини ҳам билдирган. Қизга Буюк Британияда бошпана берилди, чунки ватани — Уганда — унга таъқиб хавфи туғдириши асосли деб топилди.
Ҳукмни эълон қилган судья бу ишни “жуда қайғули ҳолат” деб атади. У Мугамбенинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги юридик ютуқларини алоҳида эътироф этди.