Бугун Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари ва Халқаро ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлик географияси йил сайин кенгайиб боряпти. Жумладан, 2018 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонни 180 га яқин давлатлар тан олди. Шулардан 134 таси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ўзбекистон юздан ортиқ халқаро ташкилотлар аъзосидир. Юртимизнинг ана шундай халқаро ташкилотлар билан муносабатларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муҳим аҳамият касб этади.
ТАШКИЛОТНИНГ ТАЪСИС ЭТИЛИШИ
Ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 1945 йилда тузилди. Уни барпо этиш ҳақидаги қарор Собиқ иттифоқ, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида – 1943 йилда қабул қилинганди.
Орадан икки йил ўтиб, Сан-Франциско конференциясида унинг устави қабул қилинди. БМТ уставига дастлаб 51 давлат имзо чеккан бўлса, ҳозирда уларнинг сони 193 тага етди.
Халқаро ташкилотнинг доимий иш ўрни (штаб-квартираси) Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. БМТ ўз аъзоларининг суверен тенглигига асосланади, уларнинг ички ишларига аралашмайди.
Унинг Уставида қайд этилган барча мажбуриятларни зиммасига оладиган давлатлар ташкилотга аъзо бўла оладилар. Янги аъзолар БМТ Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига мувофиқ, Бош ассамблея қарори билан қабул қилинади. БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Унинг расмий тиллари – инглиз, француз, рус, хитой, испан ва араб тилларидир.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ КУНИ
БМТ Бош Ассамблеясининг 2-сессияси қарори (168-сонли резолюция)га кўра 1948 йилдан бошлаб ҳар йили 24-октябр Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни сифатида нишонланадиган бўлди. Чунки 1945 йилнинг ушбу кунида БМТнинг Устави кучга кирган эди.
1971 йилда Бош Ассамблея 26-сессиясининг 2782-сонли резолюцияси билан ушбу кун халқаро байрам куни деб эълон қилинди ва барча давлатларга мазкур кунни давлат байрами сифатида нишонлаш тавсия этилди. Шундан бошлаб ушбу кун халқаро байрам мақомини олди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни муносабати билан БМТнинг Бош котиби ҳар йили дунё жамоатчилигига мурожаатнома йўллайди. Мазкур байрамни давлатлар турлича нишонлайдилар.
БМТ МИНБАРИДАН НУТҚ СЎЗЛАГАН БИРИНЧИ ЎЗБЕК
Ойбек Абдумўминовнинг “Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан муносабатлари тарихи” номли номзодлик диссертацияда қайд этганидек, БМТ ташкил топган вақтда Ўзбекистон Собиқ иттифоқ таркибида эди. Ўзбекистон ССРнинг БМТ фаолиятида илк бор иштирок этиши 1950 йилдан бошланди.
Айнан шу йили Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар министри, профессор Абдусамад Бобохўжаев БМТ Бош Ассамблеясининг 5-сессиясида республика номидан нутқ сўзлади ва БМТ минбарида сўзга чиққан биринчи ўзбек дипломати сифатида тарихда қолди.
Собиқ иттифоқ даврида мазкур ташкилотнинг Ўзбекистонга қизиқиши кучли бўлиб, ҳаттоки ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга ҳам ҳаракат қилинди. Бироқ марказ томонидан мустақил ташқи алоқаларнинг чеклаб қўйилгани бунга тўсиқ бўлди.
Шундай бўлса-да, Ойбек Абдумўминовнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳатто БМТ Бош котибларининг диққат эътиборида бўлди. Хусусан, 1972 йил 19–20 июль кунлари БМТнинг 1972–1981 йиллардаги Бош котиби Курд Валдхайм, турмуш ўртоғи Элизабет Валдхайм ва БМТ вакиллари билан Ўзбекистонда бўлди. Ўзбекистоннинг БМТ билан кўп томонлама муносабатлари мустақиллик йилларидагина чинакамига шаклланди.
БМТ ва МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН
ХХ аср охири ва ХХИ асрга келиб халқаро ташкилотларнинг энг йириги ва нуфузлиси, таъсир доираси ниҳоятда кенг ташкилот сифатида БМТга катта эътибор қаратилди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ – 1992 йил 2 мартда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли суверен вакили сифатида ушбу ташкилотга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. Орадан бир йил ўтиб, 1993 йил 24 октябрда Тошкентда Холид Малик бошчилигида БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади.
Ўзбекистон ўз овози ва мавқейига эга бўлган аъзо сифатида БМТ олдига муҳим ва долзарб масалаларни қўймоқда. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Бош Ассамблеянинг 1993 йил 28 сентябрдаги 48-сессиясида, 1995 йил 24 октябрда БМТ ташкил этилганига 50 йил тўлгани муносабати билан ўтган сессияда, 2000 йил сентабрда “Минг йиллик саммити”да ва 2010 йил 20 сентабрда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган йиғилишларда ташкилотни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифларни тақдим этди.
2017 йил 19 сентабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида тарихий нутқ сўзлади. Унда бир қатор масалалар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистонда тинчликка эришишнинг маърифий йўллари масалаларига алоҳида тўхталди.
БМТ Бош котиблари: 2002 йил октябр ойида Кофи Аннан, 2010 йил апрель ойида ҳамда 2015 йилда Пан Ги Мун, шунингдек, 2017 йил июнда Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА
1992 йил 2 мартда Ўзбекистон билан бир қаторда яна саккиз давлат: Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Сан-Марино, Тожикистон, Туркманистон ҳам БМТ аъзоси бўлди. Афғонистон мазкур ташкилотга 1946 йил 19 ноябрда аъзо бўлганди.
БМТнинг дастлабки аъзолари қаторида СССРнинг тўлиқ мустақилликка эга бўлмаган иттифоқчилари – Беларусь ССР ва Украина ССР ҳам бор эди. Улар бошқа мустақил давлатлар, шунингдек, СССР қаторида 1945 йил 24 октябрда ташкилотнинг аъзоларига айланишди. Бундай давлатлар қаторини яна давом эттириш мумкин.
2001 йилда БМТга унинг Бош котиби Кофе Аннан билан биргаликда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти тақдим этилди. 1988 йилда бундай мукофот БМТнинг тинчликпарвар кучларига берилганди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабаси