Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши олдидан қатъий баёнот бериб, Ғазодаги вазият кескин нуқтага етганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, эксклавга бир томчи ҳам ёрдам етиб бормаяпти – на озиқ-овқат, на ёқилғи, на дори-дармон, на тижорат товарлари.
" Ғазо қотиллик майдонига айланди. Тинч аҳоли ўлимнинг чексиз циклида ", деди у.
Гутерришнинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатиш келишуви аввалроқ ҳаётий ёрдамларни тақсимлашни бошлашга имкон берган, бироқ у қулаганидан сўнг яна гуманитар йўллар бутунлай тўсиб қўйилган.
Унинг эслатишича, Исроил босқинчи давлат сифатида халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, аҳолини озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва санитария билан таъминлашга мажбур. Бироқ, "буларнинг ҳеч бири бугунги кунда Ғазода содир бўлмаяпти", деди БМТ раҳбари.
Гутерриш гуманитар соҳа ходимларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди. У Исроил томонидан таклиф қилинган янги рухсат бериш механизмларини қоралаб, уларни "ҳар бир калория ва ун донасигача" этказиб беришни назорат қилишга уриниш деб атади. Унинг сўзларига кўра, БМТ инсонпарварлик, холислик ва мустақиллик тамойилларини бузувчи тизимнинг бир қисмига айланмайди.
" Гуманитар ёрдам тўлиқ ва узлуксиз бўлиши керак. Гуманитар ходимларнинг ўлдирилиши мустақил терговни талаб қилади. Биз ҳеч қачон ҳақиқатдан қочиб қутула олмаймиз. Бу халқаро ҳуқуқ ва тарихга кўра қабул қилиниши мумкин эмас ", деди Гутерриш.
БМТ раҳбари, агар Исроил сиёсати давом этса, Ғазодаги гуманитар фалокат ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У яна ўт очишни тўхтатишга, маҳбусларни озод қилишга ва шошилинч ёрдам етказиб беришга чақирди.