Сунъий интеллект қандай оламшумул даражада ривожланаётган бўлса, ўз навбатида, уни тартибга солишга қаратилган чақириқлар ҳам шундай кўламда изчил ортмоқда. БМТнинг янги ташкил топган тузилмаси – Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи айни шу масалалар билан шуғулланмоқда.
Мазкур ташкилот 2023 йил декабрь ойида дастлабки оралиқ ҳисоботини тақдим этди. Маслаҳатлашув органи экспертларининг фикрича, сунъий интеллект имкониятларидан фақат аҳолининг муайян гуруҳларигина эмас, балки аҳолининг барча қатламлари фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилиши даркор.
Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи жамоаси 38 нафар мутахассисдан иборат бўлиб, асосан хусусий сектор, давлат идоралари ва илмий доиралар намояндаларини ўзида қамраган. Маслаҳатлашув органи ҳамраиси Карме Артигас, “UN News Service” эътироф этганидек, сунъий интеллект соҳасидаги энг етакчи мутахассислардан биридир.
Сунъий интеллект – ахборот тарқатиш соҳасида дўстми ёки душман? Айни саволга жавоблар ниҳоятда хилма-хил ва бир-бирига зид.
“БМТ шу каби турлича қарашларни умумлаштиришга лаёқатли бўлган глобал даражадаги ягона нуфузли ташкилот, – дейди Карме Артигас. – БМТга аъзо давлатлар сунъий интеллект афзалликларини бир овоздан тан олган. Бунда ушбу соҳани ривожлантириш борасида глобал кўламда ортда қолиб кетмаслик ва сунъий интеллект инсонларга фойда келтиришини кафолатлаш зарурлигига эътибор қаратилгани, шунингдек, сунъий интеллектни инновациялар ривожига тўсиқ бўлмайдиган ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқларига таҳдид солмайдиган тарзда тартибга солиш борасида якдил фикрга келингани жуда муҳим”.
БМТ экспертининг таъкидлашича, сунъий интеллект демократияни рағбатлантиришнинг энг муҳим воситасига айланиш имконига эга. Чунки у орқали инсоният асрлар давомида тўплаган беҳисоб билимлардан барча бирдек фойдалана олади.
Қолаверса, сунъий интеллект соғлиқни сақлаш соҳасига жуда ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, касалликларнинг олдини олиш, мураккаб хасталикларга аниқ ташхис қўйиш ва бу жараёнларга сарфланадиган харажатларни кескин камайтиришда беминнат кўмакчи сифатида майдонга чиқади.
Шу билан бирга, сунъий интеллектни танқид қилувчилар фикрича, айни соҳадаги технологиялар тараққиёти интернетдаги шусиз ҳам оғир вазият янада ёмонлашишига, яъни, одамлар осонгина ишонадиган ғирт ёлғон ахборот ҳажмининг ҳаддан ортиқ кўпайишига олиб келади. Бунинг оқибатида жамоатчиликнинг янгиликлар ва ахборотга бўлган ишончига узил-кесил путур етади.
Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи ҳамраиси К.Артигас айни муаммолар юзасидан глобал кўламда мулоқотлашув йўлга қўйилгани унга катта ишонч бағишлаётгани ва далда бўлаётганини айтади. Унинг фикрига кўра, оммавий ахборот воситалари зиммасида бу борада улкан масъулият турибди: улар ўзларининг “тўртинчи ҳокимият” мақомини тиклашлари шарт.