Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Биринчи президент Муҳаммаджон Обидовни нега сўкканди?

Биринчи президент Муҳаммаджон Обидовни нега сўкканди?

2000-йиллар бошида Сурхондарёнинг Сариосиё тумани тоғли ҳудудларида ўзбек ҳарбийлари ва террорчилар ўртасидаги тўқнашув мамлакат тарихининг қонли саҳифаларидан бири сифатида кўпчиликнинг ёдида қолган, дея хабар берди "to'gri.uz".

Орадан 19 йил ўтиб, террористлар гуруҳи хавфининг бартараф этилиши тафсилотлари, ҳодисаларнинг кўп йиллар номаълум бўлиб келган жиҳатлари очилмоқда.

“Ҳе, сендақа ёлғончи журналистни...”

Жумладан, Мусулмон Намознинг “Усмоновнинг олтинлари” ҳужжатли қиссасидан ўрин олган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва фарғоналик журналист Муҳаммаджон Обидов орасида қолган гаплар баёни ҳақида ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг муҳокама бошланган. Қиссада шундай дейилади:

“Шу пайт Президентнинг назари кутиб олувчилар орасидан баланд бўйли бир кишига тушиб қолди. Бу одамни кўрмаслик мутлақо мумкин эмас эди. Унинг буёқда бўлаётган гаплардан хабари йўқ, нима қилиб бўлса ҳам, Президент назарига тушай, деб бўйнини чўзиши, ўзини уёқдан-буёққа уриши йиғилганларнинг ҳаммасини беҳаловат қилаётганди.

Бу одам Ўзбекистон телевидениесининг Фарғона водийси бўйича мухбири Муҳаммаджон Обидов бўлиб, у ҳам беш-ўн кундан буён Сариосиёда эди. Туман ҳокимлигининг меҳмонхонасида ётиб юрганини кўрувдим. Кейин билишимча, у телевидениенинг Сурхондарё бўйича мухбири Жўрақул Турсуновнинг Тошкентга узатган лавҳаларини ёмонлаб, ўзи борса, жуда зўр материаллар тайёрлашига раҳбарларини кўндирган ва шу ёққа келган экан.

Бироқ юқорида ҳам айтиб ўтганимдай, жангарилар билан бевосита уруш ҳаракатлари олиб борилмаётган, қўшинларимиз улар жойлашган ҳудудни ўраб олиб, бомбардимон қилиш билангина чегараланиб турган эди. Жангариларнинг Сариосиё тоғларидан қочиб қолган бўлиши ҳам катта эҳтимол билан мумкин эди. Ҳарбийларимизнинг тозалаш учун жангарилар илк бор ўрнашган ўрмон ичига киришга ҳамон ботинмаётганининг ягона сабаби – бир марта қовун туширган қўмондонлар ичида масъулиятни ўз зиммасига оладиган мард топилмаганида, деб ўйлайман. Улар тепадан бевосита буйруқ кутиб туришганди, назаримда.

Шу боис, Муҳаммаджон Обидов қаҳрамонлик қилишга кеч қолган эди, десам тўғрироқ бўлади. У жуда хоҳлаган тақдирида ҳам уруш ҳаракатларини тасвирга ололмасди. Бироқ арзон обрў топишнинг ҳадисини олган телемухбир бу сафар ҳам йўлини топди. У жангарилар ўрнашган ҳудуддан салкам юз километр наридаги Вахшивор тоғларига чиқиб, ўзини худди душман ўқидан паналаётгандай кўрсатиб, ваҳимали бир материал тайёрлади. Ўзбекистон телевидениеси бу лавҳани роса айлантирди.

Уни кўрган ҳар бир киши, жумладан Президент ҳам, Сурхондарёда энг замонавий қуролланган душманга қарши кескин ва аёвсиз жанг кетмоқда экан, деб ўйлагани аниқ.

Президентнинг нигоҳи ногоҳ худди шу одамга тушиб қолди. У ёнидаги одамларга, айтинг, ановини буёққа ўтказиб юборишсин, деб буюришга ҳам сабрсизланиб, Муҳаммаджон Обидовни қўли билан имлаб буёққа чақирди.

Ўзини шахсан Президент чақираётганини кўрган телемухбирнинг ўша пайтдаги юз ифодасини менинг тасвирлаб беришим қийин. Бунинг учун камида Абдулла Қодирийнинг қалами бўлиши даркор. Лўнда қилиб айтадиганим шуки, Президент назарига тушмоқдан телемухбирнинг оғзи қулоғига етиб, узун қўлларини саланглатиб келаверди. Орадаги масофа беш метрча қолганида Президент узоқдагилар эшитмайдиган қилиб шунақа болахонадор сўкиндики, фикрини сўкиниш орқали етказишга ўрганган ҳарбийлар ҳам бунчалик маҳоратни кўриб, донг қотиб қолишди.

Телемухбир ихтиёрсиз яна икки-уч қадам ташлади, қўрқувдан унинг кўзлари олайиб кетганди. Қулоққа етган оғиз эса йиғиштирилмай, ўшандай қотиб қолди. Ҳе, сендақа ёлғончи журналистни... деб Президент хуморидан чиққунча сўкди.

Афсуски, мен уларни қоғозга туширолмайман, бунга бетим чидамайди. Воқеалар ривожида сал олдинга кетиб айтишим мумкинки, шундан кейин ўша телемухбир Ўзбекистон телевидениесидан бутунлай кетди. Бу ҳақда шахсан Президентнинг ўзи топшириқ берган бўлса керак, чунки бу воқеаларга фақат ҳарбийлар ва мен гувоҳ бўлганман.

Президент телемухбирни хуморидан чиққунча сўкиб бўлгач, мен томон ўгирилди. Бироқ бир оғиз ҳам сўз демади. Фақат, ҳар сўзини ёндафтаримга ёзиб олаётганимни кўриб, керакмас, деган маънода бош чайқади”.

Муҳаммаджон Обидов ким?

Маълумот учун, Муҳаммаджон Обидов 1951 йил 16 апрелда Марғилон шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Обидов BBC’га берган интервьюсида ўзи ҳақида шундай деган:

“Муқаддам судланганман. 1975 йилда Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 15-175 моддаси билан (олиб-сотарликка ҳаракат қилгани учун) 2 йилга озодликдан маҳрум этилганман.

1958-1968 йилларда Марғилондаги 14-мактабда, 1968-1973 йилларда Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида ўқидим.

1972 йилдан бошлаб, хали талабалик чоғимдаёқ Тошкент телевидениесининг "Ёшлик" студиясида муҳаррир бўлиб ишладим. Кейинчалик "Ёш Ленинчи", "Совет Ўзбекистони" газеталари, "Ўқитувчи" нашриётида мухбир, муҳаррирлик қилдим.

1990 йилдан яна телевидениега қайтдим ва у ерда 2005 йилга қадар "Ахборот" дирекциясининг махсус мухбири лавозимида ишладим.

Насиб қўшиб, касбим туфайли ўттиздан зиёд давлатда хизмат сафарида бўлдим, мамлакатимиз мустақиллиги тарихи билан боғлиқ энг муҳим воқеаларни – Мингбулоқ нефт фаввораси, Наманган вилоят кенгаши биносини Тоҳир Йўлдош, Жума Намангонийлар томонидан эгаллаб олиниши, Афғонистонга НАТО кучлари киритилиши, Боткен, Сариосиё воқеалари, Ҳаж сафарлари, буюк бунёдкорлик қурилишлари ва ҳоказоларни телевидение орқали ёритишда иштирок этдим”.

Тақдиримдан мамнунман”.

Киритилди: 07:15 10.08.2019. Ўқилди: 8355 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!