Германия собиқ "Тегель" аэропорти ўрнида жойлашган украиналик қочқинлар учун энг йирик марказини ёпишга қарор қилди.
Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар берди.
Марказ, нашрга кўра, минглаб украиналик қочқинлар учун вақтинчалик уйга айланган, бироқ расмийлар уни янги шаҳар туманига айлантирмоқчи. Улар янги келган украиналиклар сони камайгани ва улар учун кичикроқ, марказлашмаган уй-жойлар яратилишини айтишди.
Ёзнинг сўнгги ҳафталарида украиналиклар Берлиндаги бошқа бошпаналарга фаол кўчирила бошланди, мақсад шу йил охиригача марказни бутунлай бўшатиш.
"Тегель" авваллари 5000 дан ортиқ қочқинларни жойлаштирган бўлса, ҳозир бу рақам 1500 га камайган. Кейинчалик улар бошқа бошпаналарга, жумладан "Темпельгоф" аэропорти объекти ва шаҳарнинг турли қисмларидаги ётоқхоналарга кўчирилади.
"Тегель" гавжумлиги ва қочқинлар учун ёмон яшаш шароити учун қаттиқ танқид қилинган. Одамлар вақтинчалик бошпана ва чодирларда, айримлари йиллар давомида яшаб келмоқда.
"Марказлаштирилмаган жойлаштириш юкни маҳаллалар ўртасида тақсимлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини яратиш демакдир", деди Меҳнат ва интеграция масалалари бўйича сенатор Канзель Кицильтепе.
"Тегель" аэропортини янги турар-жой массивига айлантириш бўйича тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган. Фаол қурилиш ишлари 2026 йилда бошланиши режалаштирилган.