Гап собиқ Шарқий Германия — ГДР давридан қолган нон ҳақида кетмоқда. Германия тарихига бағишланган хусусий Deutschlandmuseum музейи уни 3 октябрь — Германия бирлашган кун муносабати билан махсус музлаткич витринасига жойлаштирди.
Бу оддий ноннинг тарихи эса 1990 йилга бориб тақалади. Ўша йил июнь ойининг охирида талаба Михаэль Хагедорн Шарқий Берлиндаги дўкондан ГДР маркасига икки буханка нон сотиб олади. Чунки 1 июлдан валюта ислоҳоти бошланиши режалаштирилган, оила эса маҳсулотлар тақчиллигидан хавотирланган эди.
Шу сабабли ноннинг бирини «қора кунлар» учун музлатиб қўйишга қарор қилишади. Аммо бу нонни кейинчалик ҳеч ким емайди.
У ўнлаб йиллар давомида музлаткичда сақланади. Ҳатто оила бир неча бор кўчганида ҳам, нон музлаткичдан чиқарилмайди.
Орадан қарийб 35 йил ўтиб, Хагедорн музлатилган нонни музейга топширди. Энди эса бир вақтлар оддий озиқ-овқат бўлган бу маҳсулот ГДР давридаги кундалик ҳаётнинг ғайриоддий гувоҳи сифатида намойиш этилмоқда.
Бир вақтлар танқисликдан қўрқиб музлатилган нон — бугун тарихнинг бир бўлагига айланди.