Бугун 15 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистон Россия терма жамоаси билан ўйин ўтказиш шартини маълум қилди

Ўзбекистон Россия терма жамоаси билан ўйин ўтказиш шартини маълум қилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойида Россия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов маълум қилди, дея хабар бермоқда Sports.kz Sport24 нашрига таяниб.

«Биз ҳақиқатан ҳам Россия футбол иттифоқи билан алоқадамиз ва ноябрь ойида Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга эришишга яқин турибмиз. Ёздан буён Россия терма жамоаси билан ўйнашни истаган эдик ва ҳозир ҳам барча тафсилотларни муҳокама қиляпмиз.

Айни пайтда икки эҳтимолий рақиб — Россия ва Саудия Арабистони билан музокара олиб боряпмиз. Дастлаб Саудия Арабистони терма жамоаси билан учрашувни Ар-Риёдда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан баҳсни Тошкентга кўчирмоқчимиз. Саудия томони ҳозирча бу таклифга рози бўлмаяпти.

Агар Саудия Арабистони билан келиша олмасак, катта эҳтимол билан Россия терма жамоасига қарши Тошкентда ўйнаймиз. Россия томони эса ўз майдонида учрашув ўтказишдан манфаатдор. Шу боис баҳс қаерда ўтказилиши масаласи ҳам очиқ қолмоқда.

Ҳозирча якуний келишув йўқ, аммо ўйинни ташкил этиш бўйича келишишга яқинмиз. Терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро билан барча тафсилотларни муҳокама қилишимиз керак. Умид қиламизки, ноябрь ойида ушбу ўртоқлик учрашувини ўтказишга эришамиз», — деди Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь ва октябрь ойларида ўртоқлик учрашувларида Эронни 3:1, Сурияни 4:1 ҳисобида мағлуб этган, Жанубий Кореяга эса 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

Киритилди: 23:17 14.10.2026. Ўқилди: 327 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!