Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага таклиф қилинган ёрдам пакети бўйича давом этаётган ички низо Германиянинг Европадаги иттифоқчилари ўртасидаги мавқеига зарар етказганини маълум қилди.
"Ҳозирда Германия умуман олганда Европада тинчлик сиёсатининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кўрилмаяпти ва очиғини айтганда, бу менга азоб беради," деб айтди Бербок Politico янгиликлар сайтига.
Германия Бундестаги аъзоларининг кўпчилиги Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам беришни қўллаб-қувватлайди, аммо 23 февралда бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан 3 миллиард евролик (3,1 миллиард долларлик) пакетни қандай молиялаштириш бўйича келишув йўқ. Мухолиф партиялар канцлер Олаф Шольц бу масалани сайловолди тактикаси сифатида ишлатаётганини айтмоқда.
Шольцнинг Социал-демократлар партияси Германиянинг ҳукумат қарз олиш бўйича қатъий конституциявий қоидаларини маблағни кўпайтириш учун тўхтатиб туришни ёқлайди. Бу таклиф консерватив Христиан демократлар (CДУ) ва Бербокнинг Яшиллар партияси томонидан қўллаб-қувватланмаяпти.
Бербокнинг айтишича, бу келишмовчилик иттифоқчиларни "Германия уларни қўллаб-қувватламайди" деб хавотирланишига олиб келиши мумкин.