Бугун 16 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Байден барча қуролларни Украинага беришга улгуради(ми)?

Байден барча қуролларни Украинага беришга улгуради(ми)?

АҚШ Мудофаа вазирлиги ваъда қилинган 7,1 миллиард долларлик ёрдам пакетини амалдаги маъмурият тугагунига қадар етказиб бериш учун Украинага қурол етказиб беришнинг ҳафталик жадвалига ўтмоқда. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх 14 ноябрь куни Пентагон максимал миқдорда қурол етказиб бераётганини тасдиқлади. У, шунингдек, президент Жо Байден Украинани қўллаб-қувватлашга содиқ эканини таъкидлади.

Сингх аниқлик киритди: Пентагон бутун ёрдам пакетини январь ойида сайланган президент Доналд Трампнинг инаугурацияси олдидан тарқатишни мақсад қилган. Бироқ, Қўшма Штатлар ҳали ҳам ваъда қилинган барча қуролларни ўз вақтида етказиб беришга улгурмайди. Мудофаа расмийси тан олишича, мураккаброқ қурол тизимларини жойлаштириш ойлар ёки ҳатто йиллар талаб қилиши мумкин.

Ушбу ҳафталик жадвал Байденнинг Киевнинг жанг майдонида ҳам, потенциал тинчлик музокараларида ҳам позициясини мустаҳкамлаш ваъдасини таъкидлайди. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан аввалроқ маъмуриятнинг якуний мақсадларидан бири ҳокимият ўтишдан олдин Украинани имкон қадар кучли мавқега эга бўлишини таъминлаш эканини айтган эди.

АҚШ ҳукумати масъулият идораси маълумотларига кўра, Байден раҳбарлигида Конгресс Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдамни ўз ичига олган ҳолда 174 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди. Январгача Пентагонда Киев учун 6 миллиард доллар қолган.

Байден шу ҳафта Оқ уйда Трамп билан учрашиб, Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. Унинг маъмурияти 2025 йилгача Конгрессдан Киевга қўшимча маблағ ажратмоқчи. Бироқ Трамп инаугурациядан сўнг ўзидан олдинги президентнинг аксарият қарорларини бекор қилишини аллақачон айтган.

Кремль анъанага кўра Ғарбнинг Украинага олиб бораётган ҳарбий ёрдамини қоралаб, «жиддий оқибатлар» ҳақида огоҳлантириб, этказиб беришни «олов билан ўйнаш» деб атайди. Москва ушбу ҳаракатлардан келиб чиқадиган таҳдидларни баҳолаш асосида жавоб беришга ваъда берди.

Киритилди: Бугун 12:59. Ўқилди: 426 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!