«Барселона» клуби «Камп Ноу» стадионида вафот этган мухлислар хотирасини абадийлаштиришга мўлжалланган махсус мемориал мажмуа қурилишини эълон қилди.
Майдондан бир неча метр узоқликда жойлашадиган мажмуа 1500 квадрат метр ҳудудни эгаллайди ва суткасига 24 соат очиқ бўлади.
Мухлислар яқинларининг кули солинган махсус идишларни колумбарийга жойлаштириши ёки улар хотирасига 10, 25 ва 50 йиллик ёдгорлик лавҳалари ўрнатиши мумкин.
The Guardian маълумотига кўра, мажмуада кул сақланадиган идишлар учун 26 мингта махсус жой ажратилади.
Хизмат нархлари ҳам маълум:
10 йилга жойлаштириш — 2490 евро;
50 йилга жойлаштириш — 6000 евро;
Доимий жойлаштириш — 10 000 евро ва йилига 70 евро хизмат ҳақи;
Хотира лавҳаси — 490 евро.
«Ушбу мемориал «Барселона»ни ҳаётининг бир қисмига айлантирган инсонлар хотирасини сақлаш учун яратилмоқда. Бу ерда клуб тарихи ва мухлисларнинг шахсий хотиралари бирлашади», — дейилади каталонияликлар баёнотида.
Лойиҳа Més Que Un Memorial компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.