Бугун 20 сентябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

БАРЧАСИ МАКТАБ ПАРТАСИДАН БОШЛАНАДИ: бошланғич синфда 4К модели – замонавий таълимга инновацион ёндашув

БАРЧАСИ МАКТАБ ПАРТАСИДАН БОШЛАНАДИ: бошланғич синфда 4К модели – замонавий таълимга инновацион ёндашув

Бошланғич таълим – шахс шаклланиши даврининг энг муҳим босқичи. Бу давр бола онг остида оламни англаш, тасаввур ва билимлар пойдеворини тиклаш палласи бўлгани учун ҳам нозик эътибор талаб этади. Айни шу паллада бола ўзида «ўқувчи шахси»ни яратади, мактабга ва таълим олишга нисбатан қизиқишни, меҳрни туяди, илм йўлидаги келгуси натижалар учун куч тўплашни бошлайди. Бу эса, замонавий педагогика олдидаги доимий ва мураккаб масала сифатида дарсликларнинг ғоявий, тарбиявий ва маърифий савиясига жиддий ёндашишни талаб этади.

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитиш методикасини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ, дарсликларни янгилаш бўйича муайян ишлар бажарилди. Хусусан, илғор хорижий тажрибалар асосида 1-4-синф дарсликлари янгидан “4К” модели асосида тайёрланди. “4К” моделидан фойдаланиш кўплаб синовлардан ўтган, муҳими, замонавий ёндашувдир. Биз авваллари болаларнинг ёзувига кўпроқ эътибор қаратганмиз, диктантлар ёздирганмиз.

Янги тажриба билан эса ўқувчиларнинг танқидий фикрлаши, ўз фикрини эркин баён эта олишига кўпроқ аҳамият берилади. Ушбу янги замонавий мактаб дарсликлари инновацион ёндашувни тақдим этади. Бу методология болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган бўлиб, тўрт асосий компетенцияларни ўз ичига олади.

Коллаборация – дарсликлар ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган тарзда тузилган. Бу ўқувчиларга ҳамкорлик қилиш, самарали фикр алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кўникмаларини ўрганишга кўмаклашади.

Коммуникативлик – дарсликлар ўқувчиларнинг бошқалар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. Ўқувчилар ўз фикрларини аниқ ва равшан ифодалаш, суҳбатдошни тинглаш ва тушуниш, маълумотни етказишда тил воситаларидан унумли фойдаланишни ўрганадилар.

Креатив фикрлаш – дарсликлар ижодий фикрлаш ва янгилик қилиш қобилиятини ривожлантиради. Ўқувчилар ўз мақсадларига эришиш учун янги ёндашувларни қўллашни ўрганадилар, инновацион ечимлар ишлаб чиқадилар ва ижодий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларига эга бўладилар.

Критик фикрлаш – ушбу методология ўқувчиларнинг ахборотни танқидий баҳолаш, ўз фикри ва мулоҳазаларини шакллантириш кўникмаларини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ўқувчилар муаммоларга аналитик нуқтаи назардан ёндашишни ўрганадилар ва мантиқий фикрлаш асосида ўз нуқтаи назарини шакллантирадилар.

Ушбу муҳим компетенцияларни ривожлантиришга ёрдам беришни истасак, ўқув жараёнини болалар учун қизиқарли ва фойдали тарзда ташкиллаштиришимиз керак. Мактабдаги ҳар бир дарс ўқувчилар фақат фан мазмунини ўзлаштирадиган эмас, балки мустақил билим оладиган ва қобилиятини ривожлантирадиган жараёндир.

Бошланғич синфлар учун янги дарсликлар эса келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни ҳар томонлама ривожлантирибгина қолмай, балки замонавий жамиятга муваффақиятли мослашиш учун зарур бўлган кўникмаларни уларда шакллантиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

У. Жабборов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Киритилди: 17:57 19.08.2023. Ўқилди: 13746 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!