✅ Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва генетик омиллар сабабли дунё аҳолиси орасида нафас аъзолари хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалиниш ортиб бормоқда.
❓ Хўш, бундай беморлар касаллик профилактикаси, ташхиси ва ундан самарали даволаниш учун нималарга эътибор бериши лозим?
👨⚕️ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази диагностика бўлими шифокори, олий тоифали пульмонолог Хайрулло Ражабов жавоб берди.
🔬 — Бронхиал астма – нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши бўлиб, дунё аҳолисининг ўртача 5 фоизида учрайди. Бу кўрсаткич болалар орасида янада кўпроқ — ўртача 10 фоизни ташкил этади, — дейди мутахассис.
😮💨 — Ушбу касаллик асосан баҳор-куз ойларида авж олиб, қуруқ йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш, кўкракда оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши каби симптомлар билан намоён бўлади.
➡️ Бу ҳолатлар, асосан, тунда ёки эрта саҳарда кузатилади. Хасталик хуружи кўпинча дори таъсирида ортга қайтади. Бронхиал астмани, асосан, қуйидаги омиллар келтириб чиқаради:
🟣 генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги;
🟣 ташқи ва уй аллергенлари (чанг, уй чанглари, ўсимлик чанглари, уй ҳайвонлари юнги);
🟣 чекиш;
🟣 респиратор инфекциялар;
🟣 баҳорги гул чанглари;
🟣 паразитар инвазия ва айрим озиқ-овқат ва дори воситалари.
🩺 Бронхиал астманинг қандай кечиши унинг қанчалик эрта аниқланишига боғлиқ. Агар касаллик ўз вақтида муолажа қилиниб, бемор шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя қилса, хасталикни тўлиқ назорат қилиш мумкин.
🧪 Бу эса бемор ҳаёт тарзини яхшилайди ва унинг аломатларини узоқ муддатга заифлашувига сабаб бўлади.
😶🌫️ Касалликни даволаш, астма хуружлари сонини камайтириш учун беморнинг бронхоспазм бошланишига туртки бўлган аллерген билан алоқасини чеклаш лозим.
📌 Хусусан:
✅ хона ҳавосини тез-тез алмаштириш ва чанг зарраларидан тозалаш;
✅ ҳаво тозалагичлар ва кондиционердан фойдаланиш;
✅ ҳаво қуруқлигига қарши намлагичларни қўллаш;
✅ бемор учун барқарор, қулай хона ҳароратини сақлаш учун иқлим назоратини ўрнатиш;
✅ турли зарарли ҳашаротлар, айниқса, суваракларни йўқ қилиш;
✅ аллергия қўзғамайдиган чойшабдан фойдаланиш;
✅ юнгли гиламлардан воз кечиш;
✅ диета қилиш керак.
‼️ Энг муҳими, бемор шифокор назорати остида даволаниши, зарур тавсияларга қатъий амал қилиши зарур.