БААнинг MBS Global Investments компанияси тиббиётда камёб бўлган дори воситаларини Ўзбекистон бозорига етказиб беради, дея хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.
Ўзбекистон дипломатлари ушбу компания ижрочи директори Ажмал Шарафуддин билан учрашди. БАА вакили Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларни Julphar компанияси билан биргаликда етказиб беришга қизиқиш билдирилди.
“Биринчи босқичда тиббиётда камёб бўлган дори воситалари Ўзбекистон бозорига компаниянинг Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш мажмуаларидан етказиб берилади. Иккинчи босқичда эса уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, компания инфратузилма соҳасида Жаҳон банки билан амалга оширилаётган Тошкент—Андижон пулли йўлини қуриш лойиҳасида иштирок этишга таклиф этилди.
Музокаралар якунида юқорида муҳокама қилинган лойиҳалар ҳамда Ўзбекистонда қабул қилинган хусусийлаштириш дастури билан батафсил танишиш мақсадида ноябрь ойида мазкур компания вакилларининг Ўзбекистонга сафарини амалга оширишга келишилди.