Бугун 27 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

БАА компанияси Учқудуқда қуввати 1000 МВт бўлган ШЭС қуради

БАА компанияси Учқудуқда қуввати 1000 МВт бўлган ШЭС қуради

Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 анжумани доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.

Қайд этилишича, мазкур электр станция қурилиш жараёнида 600-800 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 3,5 млрд кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш, 1 млрд куб метр табиий газ захиралари тежалади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон учун нафақат иқтисодий фойда, балки атроф-муҳит ҳимояси учун ҳам катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Мазкур шамол электр станциясини қуриш орқали атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни йилига 1,4 млн тоннага камайтиришга эришилади.

Ушбу шамол электр станцияси ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, у Ўзбекистонга энергетика хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлаш имкониятини беради.

Маълумот учун, БААнинг «Масдар» компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 1 497 МВтга тенг бўлган лойиҳалар – Зарафшон шамол электр станцияси (500 МВт) ҳамда Кармана (100 МВт), Ғаллаорол (220 МВт), Каттақўрғон(220 МВт) ва Шеробод (457 МВт) туманларидаги қуёш фотоэлектр станцияларини ишга туширган ҳамда Олот (250 МВт), Ғузор (300 МВт) каби йирик лойиҳалар доирасида ишлар олиб бормоқда.

Киритилди: 00:21 14.11.2024. Ўқилди: 471 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!