Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаганини маълум қилди. Бош муҳаррир шу сабаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган, деб хабар беради "gazeta.uz"
«Бугун муассисимиз Мубашшир Аҳмад йиғилиш чақирдилар. Сайтимизда эълон қилинган айрим мақолаларни олиб ташлашимизни айтдилар», — деб ёзган у Facebook саҳифасида.
Абдулазиз Муборак ушбу мақолаларни ўчирмаганлигини, олдинроқ сайтдан олиб ташланган бир неча мақолалар ҳам Қўмита раисининг ўринбосари қўнғироқлари сабабли ўчирилганлигини айтади.
АОКА ушбу ҳолат бўйича баёнот бериб, «давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмасликка, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишга» чорлади. Агентлик бундай низоли масалаларни суд орқали ҳал этиш белгиланганини эслатиб ўтди.