Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси вакиллари Вена шаҳрида бўлиб ўтган "Ferien Messe" туризм кўргазмасида иштирок этишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ferien Messe" Австриянинг туризм соҳасидаги энг йирик кўргазмаси ҳисобланиб, у ҳар йили ўтказиладиган тадбирлар қаторига киради. Кўргазмадан асосий мақсад – ўз таътилини мазмунли ўтказмоқчи бўлган Австрия аҳолисига дунё мамлакатларига саёҳат қилиш имкониятлари тўғрисида маълумотлар бериш.
Бу йилги кўргазма майдонида дунёнинг 36 та мамлакатидан 450 дан ортиқ компания стендлари намойиш этилди. Чехия мазкур халқаро кўргазманинг "ҳамкор-давлати" мақомида қатнашди. Кўргазмага ташриф буюрувчилар умумий сони 40 мингга яқин кишидан иборат.
Иштирокчи давлатлар кўргазманинг алоҳида ажратилган саҳнасида ўзларининг куй-қўшиқлари ва рақсларини намойиш этиб, миллий стендларига ташриф буюрган меҳмонларга тансиқ таомлар тарқатишди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу йили 80 фоизга яқин австриялик саёҳатчилар ўз меҳнат таътилларини асосан қўшни давлатлар ва Ўрта ер денгизи мамлакатларида ўтказишни режалаштирмоқда. Ҳозирда денгиз бўйида дам олиш австриялик туристларнинг энг машҳур саёҳат тури бўлиб қолмоқда. Кейинги ўринларни эса шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларини кўриш, тарихий обидаларни зиёрат қилиш ва тоғ ён бағирларида дам олиш каби турлар эгалламоқда.
Тўрт кун давом этган мазкур кўргазмада австриялик сайёҳлар орасида Ўзбекистонга бориш хоҳишини ошириш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизнинг Вена шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси томонидан туризм салоҳиятимизни намойиш этадиган фото ва видео тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда австриялик сайёҳларга мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлар, бетакрор маданий мероси, кўҳна меъморий обидалари, пазандачилик ва халқ амалий санъатига оид маълумотлар етказилди. Шу жумладан, "lass uns reisen" ("Бирга саёҳат қилайлик") компанияси вакили Калья Хине хоним йиғилганларга Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз ва Орол денгизи ҳудудига бир неча бор қилган ташрифлари чоғида ўзининг кўрганлари, таассуротларини айтиб берди ва австрияликларни юртимизга ташриф буюришга чорлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга бориш истагини билдираётган австриялик сайёҳлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий туроператорлардан янги ва жозибадор таклифлар тайёрлашни талаб этади.
Бу йили австриялик сайёҳлар учун Ўзбекистонга бориш мавсуми март ойининг охиридан бошланиб, ноябрь ойигача давом этади.
Австриянинг "lass uns reisen" компанияси эгалари:
– Мен Калья Хине турмуш ўртоғим билан "lass uns reisen" компаниясини бошқарамиз. Асосий фаолиятимиз ҳозирда австриялик сайёҳлар учун чет давлатларга туристик сафарларни уюштиришдан иборат.
Ҳар йили шахсан ўзим кўплаб австриялик сайёҳларни Ўзбекистонга олиб бораман. Бу ишимдан жуда ҳам мамнунман. Бу йилги сафаримиз сентябрь ойига тўғри келмоқда ва уни интизорлик билан кутяпман.
Калья Хиненинг турмуш ўртоғи Клеменс Валцл:
– Фикримча, келажакда Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳларни олиб бориш бўйича ишларимиз янада осонроқ бўлади.
Сайёҳларни қизиқтираётган барча муҳим янгиликлар бўйича маълумотлар алмашиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ва жозибадорлигини Австрия аҳолисига биргаликда кенг тарғиб қилишга келишиб олинди.
Барча ўзбекистонликларга яхши тилакларимизни билдириб, бўлажак ишларида муваффақиятлар тилаймиз.