Шу кунларда телевидение орқали раҳматли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари асосида ишланган видеосериал намойиш этиляпти. Бу сериални томоша қилаётганлар орасида таниш-нотанишлар қўнғироқ қилиб: "Ғуломжон Ёқубов куйлаган қўшиқни сиз ёзган экансиз-да, текстини юборинг", деб сўраяпти. Уларнинг илтимосларини бажони дил адо этар эканман, яна бир воқеа эсимга тушди. Адашмасам, “Шайтанат”нинг сўнгги қисмлари тасвирга олинаётган кунлар эди. Ёдгор акани бизга ёндош таҳририятга суҳбатга чақиришган экан. Биз ҳам оналари ҳақида мақола тайёрламоқчи бўлиб юрган эдик, шунга ёш ҳамкасбларимдан бири: "Опа, сиз озми-кўпми таниш экансиз, бизга ҳам интервью берсалар", деди...
Ёдгор ака билан ҳол-аҳвол сўрашиш асносида “Шайтанат” ҳақида гап кетди. "Янги сериалга янги бир нарса қилиб бермайсизми?" дедилар.
Рози бўлдим ва бизга бошқа куни суҳбатга келганларида “Тавба” сарлавҳали шеърни тутқаздим. Маъқул келгандек кўринди.
"Албатта, фойдаланамиз", дедилар.
Аммо шеър қўшиқ бўлмади. Балки, жамоага аввалгиси қолгани маъқул кўрингандир, эҳтимол, бошқа сабаб чиққандир. Бу менинг эсимдан ҳам кўтарилиб кетган экан. Кечаги, олдинги кунги қўнғироқлар боис яна ёдимга тушди ва балки, кимгадир қизиқ туюлар, деган мақсадда, боз устига, ҳатто, Шайтанат аҳли ҳам орзу қилган, жон-жисмини тозартирадиган замонлар келгани учун текстни эътиборингизга ҳавола қилгим келди.
Тавба
(“Шайтанат” видеофильми учун. Асадбек сўзи)
Беклар йиғламайди, беклар ёнади.
Кўзимдан сачраган ёш эмас, чўғдир.
Тавбага етишган дил уйғонади
Уйғонмоқдан ўзга нажот ҳам йўқдир.
Тангри, гуноҳлиман, гуноҳимдан кеч,
Сен кечсанг уволим – қизим кечирар.
Банданинг қасоси оддий аланга,
Куйдирса, изида қолади яра.
Ўғлим, қасосимни ишондим санга,
Куйган кўнгилларга ўзинг бер чора.
Тангри, гуноҳлиман, гуноҳимдан кеч,
Сен кечсанг туморим – илдизим кечирар.
Менман осмонларга етмаган лочин,
Бизмиз қоя кўрмай қайтган бургут,
Менинг ачинганим бекор, сен ачин,
Номурод ўтмасин дунёдан йигит.
Тангри, гуноҳлиман, гуноҳимдан кеч,
Сен кечсанг, ҳалолим — юлдузим кечирар.
Димиқдим, ёмғирли дунёлар юбор
Қузғунлар қорайтган ерим оқласин.
Биллурдай мусаффо дарёлар юбор,
Жисмимиз, жонимиз ювсин, покласин.
Тангри, гуноҳлиман, гуноҳимдан кеч,
Сен кечсанг, мадорим – халқим кечирар...
Тозарсак, тўғимиз мангу турар тик,
Тозарсак, руҳимиз кўрмайди қасос.
Юз войким, чиройли яшай билмадик,
Бир гўзал ўлимга лойиқ кўрсанг, бас.
Тангри, гуноҳлиман, гуноҳимдан кеч,
Сен кечсанг, озорим ҳар ким кечирар,
Агар сен кечирсанг, қизим кечирар,
Агар сен кечирсанг, илдизим кечирар,
Агар сен кечирсанг, юлдузим кечирар,
Агар сен кечирсанг, халқим кечирар,
Агар сен кечирсанг, ҳар ким кечирар...
Қутлибека Раҳимбоева
Манба: ЎзА