Футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг 23-турида Нукуснинг «Арал» жамоаси «Жайхун» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирди.
Учрашувнинг 17-дақиқасида Асадбек Мустафақулов тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. 83-дақиқада эса Марк Краснов иккинчи голни киритиб, нукусликларнинг ғалабасини таъминлади.
Мазкур натижадан сўнг «Арал» ҳисобидаги очколар сони 58 тага етди. Шу тариқа, жамоа Про-лига чемпионлигини қўлга киритиб, келаси мавсум Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Эътиборлиси, Нукус клуби сўнгги бор 2001-йилда Ўзбекистон олий дивизионида қатнашган эди. Орадан 25 йил ўтиб, «Арал» мамлакат футболининг энг юқори лигасига қайтишга муваффақ бўлди.