Араб давлатлари расман Ғазо секторидаги урушни қоралаган бўлса-да, сўнгги уч йил мобайнида АҚШ кўмагида Исроил билан хавфсизлик жабҳасида ҳамкорликни кенгайтириб келди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси хабар берди.
Газета қўлга киритган махфий ҳужжатларга қараганда, Исроил ҳамда олти араб давлати (Баҳрайн, Миср, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони ва БАА) АҚШ воситачилигида Минтақавий хавфсизлик тузилмасини (Regional Security Construct) ташкил қилган. Кувайт ва Ўмон келгусидаги потенциал ҳамкор ўлароқ кўрилган.
Тузилманинг асосий вазифаси Яқин Шарқда разведка, ракетага қарши ва аксилтеррор фаолиятни, биринчи галда Эрон ва эронпараст гуруҳларга қарши курашни мувофиқлаштириш бўлган. Ҳужжатларда бирида Эрон ва унга алоқадор гуруҳлар «ёвузлик ўқи» деб аталган.
2022-2025 йилларда Исроил ҳамда олти араб давлати АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) шафелигида Баҳрайн, Миср, Иордания ва Қатарда махфий учрашувлар ўтказган.
Иштирокчи давлатлар Эрон ракеталари ва дронларига қарши биргаликда курашиш мақсадида радар тизимини ўзаро интеграция қилган.
Саудия Арабистони Исроил ва қўшни араб давлатларига кенг миқёсда разведка маълумотларини тақдим этган ҳолда жараёнда муҳим рол ўйнаган.
2024 йилга доир ҳужжатда Исроил ҳамда араб давлатлари 2026 йилда Яқин Шарқ бирлашган кибер марказини ташкил этишни режалаштирилган. Марказ киберхавфсизлик бўйича ўқув машғулотлари ўтказиладиган маскан бўлиши кўзда тутилган.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган йил июн ойида Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида араб давлатлари генераллари Исроил армияси бош штаби раҳбари, генерал Ҳерци Ҳалеви билан учрашган эди.
Араб давлатлари расман Исроилнинг Ғазо секторидаги хунрезлигини қоралаб, тинчлик ўрнатилмагунга қадар Тел-Авив билан ҳамкорлик қилинмаслигини айтиб келмоқда. Axios нашри хабари эса парда ортида яширин мулоқот ва ҳамкорлик давом этаётганини тасдиқлаган эди.
2023 йил декабр ойида Германиянинг Bild нашри ҳам араб давлатлари жамоатчилик кўз ўнгида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини қоралаётган бўлса-да, парда ортида Тел-Авивни ҲАМАСга қарши курашда дастаклаётгани ҳақида ёзган эди.
2023 йил 11 ноябр куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма мажлисида ҳам Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётган Исроилга қарши амалий чоралар кўриш таклиф рад этилган эди.
Риёз учрашувида қатнашган аксар мусулмон давлатлар Исроилни Ғазода оммавий қирғинни тўхтатишга мажбурлаш учун нефт эмбаргосини қўллаш, дипломатик ва иқтисодий муносабатларни тўхтатиш, АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базаларидан Исроилга ҳарбий техника етказишига тўсқинлик қилиш, Исроилнинг араб давлатлари ҳаво маконидан фойдаланишини ман этиш каби чораларни таклиф этган. Исроилни тийишга қаратилган мазкур таклифларга Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути қарши чиққан эди.