Бу ҳақда WSJ нашри хабар бермоқда.
Пентагоннинг собиқ расмийси Селеста Уолландернинг сўзларига кўра, Жо Байден маъмурияти томонидан Украинага ажратилган йирик қурол-яроғ партиялари камида 2025 йилнинг ўрталаригача етарли бўлиши мумкин.
Украинанинг Come Back Alive ташкилоти катта таҳлилчиси Николай Белесков Украина Қуролли кучлари "олти ой ёки бир йил бардош бериши" мумкинлигини, ундан кейин эса Европа давлатлари томонидан ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга таянишига тўғри келишини таъкидлади.
Зеленскийнинг исмини ошкор этмаган ёрдамчиси АҚШнинг ҳарбий ёрдамни тўхтатишини "энг ёмон сценарий" деб атади ва Украина ўзининг ҳарбий ишлаб чиқаришини ҳам кучайтиришга мажбур бўлишини қўшимча қилди.
"Ҳозирда Украина Қуролли кучлари фойдаланувчи ҳарбий техниканинг тахминан 55 фоизини мамлакатнинг ўзи ишлаб чиқаради ёки молиялаштиради. 25 фоизини Европа етказиб беради, АҚШ эса 20 фоиз улушга эга", — дея маълум қилган Ғарб расмийлари.
Бироқ АҚШ томонидан етказиб берилаётган айрим замонавий қуроллар ўрнини масалан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, “ер-ер” таснифидаги баллистик ракеталари ва узоқ масофали ракета артиллериясини қисқа муддатда бошқа манбалардан тўлдиришнинг иложи йўқлиги қайд этилган.
WSJ нашрининг ёзишича, Европа бу етишмовчиликни қоплашга ҳаракат қилмоқда. Газета манбаларига кўра, 2024 йилда Евроиттифоқ, Буюк Британия ва Норвегия Украинага жами 25 миллиард долларлик қурол-яроғ ва ўқ-дори етказиб берган — бу кўрсаткич АҚШнинг ўша йилдаги ҳарбий ёрдами ҳажмидан кўпроқ ҳисобланади.