АҚШнинг Chase, Bank of America ва Wells Fargo банклари мижозлари онлайн-банкинг хизматларидан фойдаланишда техник муаммоларга дуч келди.
New York Post нашрининг хабар беришича, носозликлар сабаб айрим фойдаланувчилар банкларнинг мобил иловаларига кира олмаган ва ҳисоб рақамларидаги маблағ қолдиғини текшириш имкониятидан маҳрум бўлган.
Интернет хизматларидаги узилишларни кузатиб борувчи Downdetector платформаси маълумотларига кўра, Chase банки фаолияти юзасидан 3,3 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган.
Bank of America ва Wells Fargo хизматлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида эса яна қарийб 800 та хабар қайд этилган.
Chase банкининг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати онлайн-банкинг тизимида носозликлар мавжудлигини тасдиқлади.
Банк вакиллари муаммоларни бартараф этиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган.
Ҳозирча учта банкнинг онлайн хизматларидаги узилишларга нима сабаб бўлгани аниқланмаган.