АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) маълумотларига кўра, 1,4 млн нафар хорижлик фуқаро АҚШ ҳудудидан чиқариб юборилади. Улар орасида 975 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор ва бу якуний рақамлар эмас. Чунки мамлакатдаги иммиграция ҳибсхоналарида ноқонуний муҳожирлар топилиши мумкин.
Қўшма Штатлардан чиқариб юборилиши айтилаётган ноқонуний муҳожирларнинг энг кўпи Гондурасдан – 261 651 нафар.
Шунингдек, Гватемала (253 413), Мексика (252 044) ва Салвадор (203 822) фуқаролари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Рўйхатга Хитой (37 908), Гаити (32 363), Венесуэла (22 749), Эрон (2 618), Ўзбекистон (975) ва Покистон (776) фуқаролари ҳам киритилган.
Айрим манбаларга кўра, АҚШдаги депортация қарорини кутаётган ёки депортация қарорини олган ноқонуний муҳожирларнинг умумий сони 7 миллион кишидан ошади.
Қўшма Штатларда депортация қилинган муҳожирлар сони 2021 йилдан буён энг тез ўсди: 3,7 миллиондан 2023 йилда 7 миллион нафарга етди.
ICE депортация ишларини зудлик билан амалга оширишга тўсқинлик қилаётган айрим сабабларни ҳам маълум қилган. Жумладан, кўриб чиқилаётган апелляциялар, қочқин мақоми каби қўшимча ҳимоя шаклларини олган муҳожирлар ёки шу каби бошқа сабаблар. Бундан ташқари, Хитой, Россия, Эрон ва Куба каби 15 давлат депортация қилинган фуқароларни қабул қилишдан расман бош тортган. Яна 11 давлат, жумладан Ироқ ва Вьетнам бу каби талабларни бажаришни «истамайди» деб ҳисобланмоқда.
Оқ уйга қайтган Доналд Трамп иммиграция сиёсатини кучайтириш бўйича кенг кўламли чораларни эълон қилди. Ўзининг биринчи кунида у иммиграцияни чекловчи фармойишларни имзолади, Мексика билан чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Қўшма Штатларда туғилган болалар учун автоматик фуқароликни тугатиш режаларини эълон қилди.