1-октябрдан бошлаб АҚШ “шатдаун” ҳолатида. Республика ва Демократлар партиялари ўртасидаги бюджет можароси сабаб ҳукумат фақат энг зарур харажатларни молиялаштиряпти, ўн минглаб ходимлар мажбурий таътилга чиқарилган.
Демократлар партиясини ён беришга мажбурлаш мақсадида Трамп маъмурияти босимни кучайтирмоқда ва оммавий ишдан бўшатишларни бошлади. Оқ уйнинг Маъмурий-бюджет бошқармаси (Office of Management and Budget, OMB) раҳбари Расc Воут Х (собиқ Twitter) платформасида 4 мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилишини маълум қилди.
Энг катта зарар қуйидаги вазирликларга тегади:
Молия вазирлиги — 1400 дан ортиқ ишдан бўшатишлар;
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги (HHS) — 1100 дан ортиқ.
Яна юзлаб одамлар қуйидаги идораларда ишидан айрилади:
Таълим вазирлиги,
Савдо вазирлиги,
Энергетика вазирлиги,
Уй-жой қурилиши ва шаҳарларга ривож бериш вазирлиги,
Ички хавфсизлик вазирлиги,
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA).
Демократлар озчилик етакчиси Чак Шумер Трамп ва OMB директори Воутни «мамлакатимизни ҳимоя қилаётган одамларга атайлаб зарар етказаётганликда» айблади.
📌 Эслатиб ўтамиз, одатда “шатдаун” даврида федерал ходимлар вақтинча мажбурий таътилга чиқарилади, кейинчалик улар ишга қайтади — кўпинча уларга бу давр учун компенсация ҳам тўланади.