АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) қутуриш касаллиги хавфи туфайли 14 июлдан бошлаб 113 мамлакатдан итларни олиб киришни вақтинча тўхтатилиши ҳақида маълум қилди. «Ушбу вақтинчалик тақиқ АҚШга кириб келаётган итларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли соғлиғини итлар қутуриш вируси вариантининг АҚШга қайта олиб кирилишидан ҳимоя қилиш учун зарур», — дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, AҚШда 2007 йилда итлар қутуриши касаллиги тўлиқ йўқ қилинган эди. Марказнинг хабар беришича, «ҳатто битта қутурган итни ҳам олиб кириш одамларга, уй ва ёввойи ҳайвонларга юқтиришга олиб келиши мумкин». CDC’нинг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ олиб кириладиган барча итларнинг 6 фоизи қутуриш хавфи юқори бўлган мамлакатлардан келади. Қутуриш хавфи юқори деб таснифланган 113 мамлакат орасида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Перу, Кения, Эквадор ва Индонезия каби давлатлар бор.