Минглаб авиарейслар кечиктирилди ёки бекор қилинди
13 ноябр куни АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) мамлакатдаги барча аэропортлардан самолётларнинг учиб кетишини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Reuters хабарига кўра, бунга ҳаво ҳаракатини бошқариш марказларида юзага келган жиддий алоқа носозлиги сабаб бўлган.
Чеклов АҚШ шарқий қирғоғи вақти билан соат 15:54 да жорий этилган. FAA фавқулодда вазият ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш зарурати туфайли самолётларнинг ҳавога кўтарилишини тақиқлаган.
Reuters агентлигининг Flight Aware парвозларни кузатиш хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳодиса фонида қарийб 7 мингта авиарейс кечиктирилди ёки бекор қилинди.
АҚШ транспорт вазири Шон Даффининг маълум қилишича, носозлик мамлакатдаги ҳаво ҳаракатини бошқарувчи барча минтақавий марказлар фаолиятига таъсир кўрсатган. Гап аэропортлар ўртасида ҳаракатланаётган самолётларни назорат қилувчи 22 та марказ ҳақида кетмоқда. FAA мутахассислари муаммонинг сабабларини аниқлаш ва алоқа тизими устида ҳали ҳам иш олиб бормоқда.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Маркуэйн Маллин дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисанинг қасддан уюштирилган ҳужум эканига далил йўқлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, вазият телекоммуникация тизимидаги носозлик сифатида ўрганилмоқда.
Бу АҚШ тарихида бутун мамлакат бўйлаб самолётларнинг учиши тўхтатилган учинчи йирик ҳолат ҳисобланади. Биринчи ҳолат 2001 йил 11 сентябрдаги террорчилик ҳужумларидан сўнг кузатилган. Ўшанда АҚШ ҳаво ҳудудидаги парвозлар тўхтатилиб, ҳавода бўлган самолётларга имкон қадар тезроқ қўниш буюрилган.
Иккинчи ҳолат 2023 йил 11 январда қайд этилган. FAA’нинг учувчиларга парвоз хавфсизлиги бўйича муҳим огоҳлантиришларни етказувчи NOTAM тизимидаги носозлик сабаб АҚШ бўйлаб ички авиарейсларнинг учиши қарийб 2 соатга тўхтатилган. Ўша куни 9,5 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган ва 1,3 мингдан зиёди бекор қилинган.
13 ноябрдаги ҳодиса эса аввалги воқеалардан фарқли равишда ҳаво ҳаракатини бошқариш марказларидаги алоқа муаммолари билан боғлиқ. Расмийлар носозлик сабабларини текширишда давом этмоқда. FAA томонидан парвоз чеклови бекор қилинган бўлса-да, авиақатновларнинг тўлиқ тикланиши ва барча рейслар жадвалининг меъёрий ҳолатга қайтиши учун вақт талаб этилиши кутилмоқда.