Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Икки томон 2025-йил январидан буён илк марта юзма-юз музокаралар ўтказди. Женевада икки кун давом этган музокараларда АҚШдан молия вазири Скотт Бессент, ХХРдан бош вазир ўринбосари Ҳе Лифен иштирок этди. Улар савдо зиддиятини юмшатишга ва икки мамлакат иқтисодиётларига мослашиш учун вақт беришга келишиб олган.
АҚШ 145 фоизлик божларини 30 фоизгача, Хитой эса 125 фоиздан 10 фоизгача туширади. Ушбу дастлабки келишув муддати 90 кун деб белгиланди. Скотт Бессент ҳам, Ҳе Лифен ҳам музокаралар “конструктив” ва “очиқ” ўтганини айтиб, савдо урушидаги деэскалация ҳақида баёнотлар берди.
АҚШнинг савдо масалалари бўйича вакили Жеймисон Грирга кўра, эришилган келишув Американинг 1,2 триллион долларлик савдо дефицитини қисқартиришга ёрдам беради.
Молия бозорлари бу янгиликни олқишлар билан кутиб олди: биржаларда нархлар осмонга сапчимоқда.