Мексиканинг Тихуана шаҳрида граната, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг қалбаки гувоҳномаси ва кузатув ускуналари билан юрган 43 ёшли Россия фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Mash Telegram канали хабар берди.
Маълум қилинишича, Иван исмли россиялик Chevrolet Suburban русумли қора автомобилда тезликни ошириб ҳаракатлангани учун полиция томонидан тўхтатилган. Автомобилни текшириш чоғида ундан парчаловчи граната, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг қалбаки ҳужжатлари, кузатув учун мўлжалланган электрон қурилмалар ҳамда Мексика разведкасига тегишли белгилар туширилган камера топилган.
Хабарга кўра, эркак федерал прокуратурага топширилган. Текширув давомида у Интерпол томонидан қидирувга берилгани аниқланган.
Россияликнинг нима сабабдан халқаро қидирувга берилгани ҳозирча маълум эмас. Манбада уни қўлга олиш бўйича Россия ва АҚШ томонидан ҳам сўровлар юборилгани айтилган.
Ҳодиса юзасидан расмий идораларнинг қўшимча изоҳлари келтирилмаган.