The Times'нинг хабар беришича, Мужтаба Хоминаий Эрон олий раҳбари этиб тайинланганидан бери омма олдида кўриниш бермаганига қарамай, уруш борасидаги қарорларда муҳим рол ўйнайди. Чунки Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳарбий ҳаракатларни унга тасдиқлатиши лозим. Шу билан бирга, разведка ҳамжамиятининг бир қисми Мужтаба Хоминаий ўлганини тахмин қилмоқда. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса у тирик эканини таъкидлаб келади.
Исроилнинг “Моссад” разведкаси Хоманаийнинг тирик ёки йўқлигини ва қаерда яширинганини аниқлашга уринмоқда. Таъкидланишича, Хоманаий тахминан 150 кун давомида қўлига телефон олмаган, компютердан фойдаланмаган ва махфий бошпанада яширинган.
“Моссад” бўлинмаларидан бирининг собиқ бошлиғи Рами Игранинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати олий раҳнамосига хабарларни етказиш учун кўп қатламли курерлар тармоғидан фойдаланади. Аммо улар жўнатманинг моҳиятини билмасдан, фақат уни одамдан одамга етказади. Игра Эрон олий раҳнамосига етиб боришнинг ягона реал йўли у билан алоқада бўлган агентни ёллаш эканини таъкидлади.
"Аммо бу жуда қийин, чунки Эронда унга яқин бўлган барча одамлар қаттиқ текширилади ва эҳтимол, ИИҚКнинг фақат икки ёки уч аъзоси у билан қандай боғланишни билади", — дея қўшимча қилди “Моссад”нинг истеъфодаги ходими.
"Мужтабо ўз юзини кўрсатмаса ҳам, Эрон халқига мурожаат қилишда овозидан фойдаланиши мумкин эди. Лекин бу уни аниқлашни осонлаштиради. Овозли файлдан, масалан, ёзиб олинган қурилма тури ва жойи ҳақида маълумот олиш мумкин", — деди “Моссад”нинг собиқ подполковниги Авнер Авраам.
Пентагоннинг собиқ юқори мартабали амалдори феврал ойи бошида Мужтабо Хоминаийнинг отаси Али Хоминаийнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаво ҳужумидан сўнг Эроннинг ҳозирги олий раҳнамоси ўз хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратаётганига ишонч билдирди.
Шу билан бирга, The Times'нинг америкалик суҳбатдоши Эрон қирқ йилдан бери ёпиқ ҳудуд бўлиб қолаётганини эслатиб, АҚШ агентлигининг имкониятларига шубҳа билан қаради. У Исроил разведкаси ресурслари чекланган бўлса-да, анча самарали ишлаётганини айтди.
Мужтабo Хоминаийдан видеомурожаатлар ва овозли хабарлар йўқлигига қарамай, сўнгги ойларда Х ижтимоий тармоғида унинг номидан хабарлар пайдо бўлди. Раҳнамонинг мурожаатлари Эрон давлат агентликлари томонидан ҳам эълон қилинган.
Мужтабо Хоминаий хавфсизлик сабабли отасининг дафн маросимида ҳам қатнашмаган эди. Жанозада оятуллоҳ Али Хоминаийнинг уч ўғли — Мустафо, Мейсам ва Масъуд кўриниш берганди.