Бугун 1 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Арманистон Россия чекловларига жавобан помидор пастаси импортини тақиқлади

Арманистон Россия чекловларига жавобан помидор пастаси импортини тақиқлади

Арманистон ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида помидор пастаси импортини олти ой муддатга тақиқлади. Расмийлар бу қарорни Россия томонидан Арманистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига жорий этилган чекловлар ортидан ички бозорда помидор ортиқчаси юзага келгани билан изоҳлади.

Тегишли қарор 30 июль куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида қабул қилинди. Тақиқ учинчи давлатлардан, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотларга ҳам татбиқ этилади.

Ереван маълум қилишича, мазкур чора маҳаллий хомашёдан фойдаланувчи ишлаб чиқарувчилар учун рақобатбардош шароит яратиш ва маҳаллий фермерлар етиштирган помидорларни харид қилиш ҳажмини оширишга қаратилган.

Қарорга илова қилинган тушунтириш хатида вазият Россиянинг Арманистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ва транзитига жорий этган чекловлари билан бевосита боғлангани қайд этилган. Бу чекловлар натижасида Арманистоннинг мева-сабзавот, жумладан, иссиқхоналарда етиштирилган помидор экспорти сезиларли даражада қисқарган.

Натижада экспорт учун мўлжалланган маҳсулотнинг катта қисми мамлакат ичида қолиб кетган. Бу ички бозорда таклифнинг ортиши, очиқ майдонларда етиштирилган помидорларга талабнинг пасайиши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар аҳволининг ёмонлашишига олиб келган.

Арманистон ҳукумати вақтинчалик импорт тақиқи маҳаллий хомашёни қайта ишлашни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ва ички бозордаги вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилишини билдирмоқда.

Сўнгги ойларда Москва ва Ереван ўртасида савдо масалалари бўйича келишмовчиликлар кузатилмоқда. Россия назорат идоралари фитосанитар талаблар бузилганини важ қилиб, Арманистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турли турларига чекловлар киритган. Арманистон эса бу чораларни асоссиз ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи қоидаларига зид деб баҳолаган.

Киритилди: 22:20 31.07.2026. Ўқилди: 802 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!