АҚШ армияси Lockheed Martin компанияси билан Patriot PAC-3 MSE тутиб қолувчи ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича қиймати 58,6 миллиард долларгача бўлган шартнома имзолади. Битим 2026–2032 йилларни қамраб олади ва Америка захиралари қисқараётган бир пайтда ракеталар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишни назарда тутади.
Маълум қилинишича, қарорга ўқ-дориларнинг юқори суръатларда сарфланаётгани сабаб бўлган. АҚШ Украина бошчилигидаги иттифоқчиларига қурол етказиб беришда давом этмоқда, шунингдек, Яқин Шарқдаги ўз ҳарбий операцияларида ҳам ушбу ракеталардан фаол фойдаланмоқда.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) баҳосига кўра, АҚШ ихтиёрида ҳозир 1000 тадан кам Patriot ва 250 тадан кам THAAD тутиб қолувчи ракета қолган.
Lockheed Martin янги шартнома асосида 2030 йилгача ишлаб чиқариш қувватларини уч баравар ошириш ва йиллик 2000 та Patriot ракетаси ишлаб чиқаришни режалаштирган. Компания, шунингдек, 20 дан ортиқ корхонани модернизация қилиш учун 9 миллиард долларгача инвестиция киритиш ва асосий заводлардан бири ходимлари сонини қарийб 50 фоизга кўпайтиришни кўзда тутган.
Шу билан бирга, Пентагон Tomahawk қанотли ракеталари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширишга ҳаракат қилмоқда. Президент Дональд Трамп маъмурияти мудофаа саноати компанияларидан қурол-яроғ ишлаб чиқаришни тезлаштириш ва давлат буюртмаларини устувор тартибда бажаришни талаб қилмоқда.