АҚШ ва Эрон расмийлари сулҳни 60 кунга узайтириш ва Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар олиб бориш имконини берувчи ўзаро англашув меморандуми лойиҳасига келишиб олди. Бу ҳақда Axios нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Ҳужжатнинг асосий қоидалари:
- Эрон Ҳормуз бўғози орқали божларсиз ёки ҳибсга олишларсиз чекловсиз ўтишни таъминлайди;
- Эрон 30 кун ичида бўғоздан миналарни тўлиқ тозалайди ва АҚШ денгиз блокадасини босқичма-босқич бекор қилади;
- Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришни амалга оширмасликка ваъда беради;
- АҚШ музокаралар доирасида санксияларни енгиллаштириш ва музлатилган Эрон активларини озод қилишни муҳокама қилишга ваъда беради;
Музокаралардаги биринчи масала Эроннинг юқори даражада бойитилган уранини йўқ қилиш бўлади.
Axios манбаларига кўра, келишув шартлари 26 май, сешанба куни келишиб олинган. Бироқ, иккала томон ҳам АҚШ ва Эрон раҳбарларидан тасдиқлашни талаб қилган. Эрон музокарачилари кейинчалик керакли тасдиқларни олганликларини ва меморандумни имзолашга тайёр эканликларини эълон қилишди. Эрон буни расман эълон қилмади.
Ўз навбатида, АҚШ музокарачилари Президент Дональд Трампга келишув лойиҳасини тақдим этишди, аммо у ҳали уни тасдиқламади. "Президент воситачиларга бу ҳақда ўйлаб кўриш учун бир неча кун кераклигини айтди", деди манбаларидан бири Axios нашрига.
Tasnim манбага таяниб, Ғарб оммавий ахборот воситаларининг АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми матни бўйича келишиб олгани ҳақидаги хабарлари ёлғон эканлигини ёзади. Манбага кўра, матн устида ишлар ҳали якунланмаган.
"Баъзи Ғарб манбаларига кўра, Эрон ва АҚШ ўртасидаги "ўзаро англашув меморандуми" деб номланган матн аллақачон тайёр ва нашр этилишини кутмоқда. Бу ҳақиқат эмас; матн ҳали тугалланмаган", деди агентлик манбаси.
Унинг қўшимча қилишича, Эрон ҳали Покистон вакилларига ҳужжат устида ишлар тугаганлиги ҳақида хабар бермаган. "Агар матн ҳақиқатан ҳам тайёр бўлганида, Эрон бу ҳақда Покистон ва бошқаларни хабардор қилган бўлар эди. Унгача Ғарб оммавий ахборот воситаларининг хабарлари аҳамияциз", деб хабар беради Tasnim.