Axios нашрининг хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Украинага НАТО Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси (жамоавий мудофаа) асосида хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёр.
Нашрга бу ҳақда юқори лавозимли америкалик манба маълум қилган. Унинг айтишича, мазкур кафолатлар Конгресс томонидан маъқулланиши керак бўлади ва юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга бўлади.
«Биз украиналикларга, бир томондан, чекланмаган мандат бўлмаган, иккинчи томондан эса етарлича кучли бўлган хавфсизлик кафолатларини беришни истаймиз. Бу масалани Конгресс овозга қўйишига тайёрмиз», — дея манба сўзларини келтиради Axios.
Хавфсизлик кафолатларининг аниқ тафсилотлари очиқланмаган.
Axios’нинг ёзишича, яқин кунларда Берлинда Украина президенти Владимир Зеленский, Европа давлатлари раҳбарлари ҳамда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер иштирокида учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Учрашув дам олиш кунлари ёки душанба куни бўлиши мумкин.
Оқ уйдаги манбага кўра, пайшанба куни Украина ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг сўнгги босқичи етарли даражада илгарилашни кўрсатган ва бу Трампни Уиткофф ҳамда Кушнерни Европага юборишга ундаган.