АҚШ Украинада қисқа муддатли ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда, чунки ҳарбий ҳаракатлар давом этиши музокаралар жараёнига тўсқинлик қилади, дея фикр билдирди Марко Рубио
АҚШ Давлат департаменти раҳбари бу ҳақда CBC телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
"Бу жуда узун фронтда олиб борилаётган уч йиллик мураккаб уруш, жуда кўп қийинчиликлар бор. Ҳеч ким буни осон бўлади демаяпти, бироқ мен ҳамма режа қандай эканлигини тушунишини хоҳлайман. А режа асосида отишмани тўхтатиб, Б режасига ўтишимиз керак. Бунинг учун барча музокара столига ўтириши шарт. Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар бевосита бўлиши шарт эмас. Улар бир-бирига қарата ўқ узаётган пайтда урушни батамом тугатиш тўғрисида келишиб олиш қийин ва шунинг учун ҳам президент Трамп оташкесимни хоҳлайди", — дея аниқлик киритди Давлат департаменти раҳбари.
Рубионинг сўзларига кўра, G7 давлатлари ташқи ишлар вазирлари Канадада учрашиб, агар Россия Украинада ўт очишни тўхтатишдан бош тортса, унга қарши қўшимча санкциялар қўллаш имкониятини муҳокама қилган.