Европа Иттифоқи Россия табиий газидан воз кечиш режасини маъқуллади.
Эришилган келишувга кўра, Россиядан табиий газ харид қилишга “ҳуқуқий мажбурий тақиқ” босқичма-босқич жорий этилади. 2026 йил охиридан бошлаб Россиядан суюлтирилган газ импорти тўлиқ тақиқланади, 2027 йил кузидан эса қувур орқали газ импорти ҳам тўхтатилади.
Европа Кенгаши маълумотига кўра, чеклов янги регламент кучга кирганидан олти ҳафта ўтиб амалда қўлланилади, амалдаги шартномалар учун эса ўтиш даври назарда тутилади.
2025 йил 17 июнгача тузилган қисқа муддатли битимлар бўйича тақиқ 2026 йил 25 апрелдан бошлаб суюлтирилган газга, 2026 йил 17 июндан эса қувур газига нисбатан қўлланади. ЕИнинг Россияга қарши 19-пакет санкцияларига мувофиқ узоқ муддатли суюлтирилган газ импорти бўйича шартномалар учун тақиқ 2027 йил 1 январдан кучга киради. Россиядан табиий газ импорт қилиш бўйича узоқ муддатли битимлар учун тақиқ
Европа газ омборлари етарли даражада тўлдирилган тақдирда 2027 йил 30 сентябрдан ва энг кечи 1 ноябрдан кучга кириши белгиланган. Айни пайтда “Газпром” ЕИга урушдан аввалги беш қувурдан фақат биттаси – “Туркия оқими” орқали газ етказиб бермоқда.
Бундан ташқари, ҳужжат (уни ҳали Европа Кенгаши ва Европа Парламенти тасдиқлаши керак) ЕИ мамлакатларини газ етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича миллий режалар ишлаб чиқишга ҳамда Россия газидан воз кечиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўрсатишга мажбур қилади.