Вашингтон маъмурияти Сурия расмийларидан ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга қўшилиши ҳақида эълон қилишини кутмоқда.
Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Барак Баҳрайндаги "Manama Dialogue" форумида сўзлаган нутқида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Сурия расмийлари тегишли ҳужжатни "имзолаш ниятида". Баракнинг қўшимча қилишича, Сурия ташқи ишлар вазири Асаад ал-Шайбоний "бу ҳақда бугун эълон қилиши мумкин". "Бу жуда катта қадам”, деди махсус вакил.
Сурия президенти Аҳмад ал-Шара Вашингтонга ташриф буюриши кутилмоқда. Баракнинг сўзларига кўра, Сурия раҳбари шу сафари давомида Суриянинг коалицияга қўшилиши ҳақида эълон қилиши мумкин.