Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп ва Конгресс Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон энг йирик сунъий интеллект (СИ) компаниялари раҳбарларининг инсоният йўқ бўлиб кетиш хавфи сабабли СИ ривожини секинлаштириш ҳақидаги чақириқларини рад этди. Улар АҚШ бу соҳа бўйича пойгада Хитойдан ортда қолишдан хавфсирамоқда.
Куни кеча Anthropic раҳбари Дарио Амодей, OpenAI раҳбари Сэм Алтман ва хАI раҳбари Илон Маск СИ моделлари имкониятларини ривожлантириш суръатларини секинлаштиришни ёқлаб чиқишган. Улар СИ жуда тез ривожланиб, инсониятнинг мавжудлиги учун хавф туғдириши мумкинлигини айтишган эди.
Бироқ АҚШ президенти бунга қўшилмади. "Биз СИ соҳасида Хитойни ортда қолдирмоқдамиз, биз дунёдаги технологик жиҳатдан энг ривожланган мамлакатмиз ва очиғини айтганда, шундай бўлиб қолишини истайман. СИ бўйича ким ғалаба қозонса, ўша бутун дунёда ғолиб ҳисобланади", – деди Трамп.
У бу каби огоҳлантиришларни қандайдир "салбий кучлар" фаолиятининг натижаси деб атади. "Улар содир бўлмайдиган нарсалар ҳақида гапирмоқда", – деди АҚШ президенти.
Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ҳам сунъий интеллектни шошилинч равишда тартибга солишга қарши чиқди. "Агар Конгресс ҳозир шошилинч мажлис ўтказишга тушиб, СИ ни тартибга солишга ҳаракат қилса, биз Хитойга пойгани бой берамиз. Бу эса ҳар бир америкалик учун хавфдир", – деди у.