2020 йилда дунё бўйлаб энг кўп пул сарфланадиган шаҳарлар рўйхатида АҚШнинг бешта шаҳари бор эди. World Data Lab’нинг янгича таҳлилларига кўра, 2040 йилга келиб бу рўйхатга яна бир янги ном — Даллас қўшилиб, Америка шаҳарлари сони олтига етади.
Шу билан бирга, дунё харид бозоридаги йирик ўйинчилар орасида ҳам ўзгаришлар юз бермоқда. Япония секин-асталик билан ўрнини йўқотмоқда, Хитой эса аста-секинлик билан илгарилаб бормоқда.
Бироқ АҚШ бу жараёнда нафақат етакчиликни сақлаб қолмоқда, балки уни кенгайтирмоқда ҳам. Масалан, Хюстон 2000 йилда 14-ўринда бўлган бўлса, 2040 йилга келиб 12-ўринга чиқиши кутилаяпти. Вашингтон, Финикс ва Сиэтл каби шаҳарлар ҳам энг кўп харид қилувчи 20 шаҳар қаторида.
Яна бир қизиқ факт: охирги йилларда “Sun Belt” деб номланган — қуёшли иқлим ва арзон турмуш тарзига эга Америка жанубидаги шаҳарлар аҳолини ўзига жалб қилиб, иқтисодий юксалишда олдинги сафига чиқмоқда.
Америка иқтисодиёти сўнгги пандемия, инфляция ва турли инқирозларга қарамасдан, ўз кучини йўқотгани йўқ. АҚШда одамлар кўп жамғармайди, кўпроқ сарфлайди — кредитлардан ҳам фойдаланиш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу ҳолат доимий бўлмасада, истеъмолни юқори даражада ушлаб туришга хизмат қиляпти.
Айниқса, бой америкаликлар бу жараёнда асосий ҳаракат кучига айланмоқда. Улар пандемия пайтидаги жамғармалари ва паст ипотека фоизлари сабаб, ҳали ҳам эркин харид қилиш имконига эга. Wall Street Journal таъкидлашича, бугунги кунда АҚШ истеъмол бозори кўпроқ бойларга суянади — ва шундай одамлар бу ерда етарлича.
World Data Lab дунё бўйича 6000 дан ортиқ шаҳарни таҳлил қилган ва келажакдаги истеъмол ҳаракати ҳақида ўз хулосаларини билдирган. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2040 йилгача янги сарф-харажатларнинг 83 фоизи айнан шаҳарларда амалга ошади.
Энг кўп харажат қилувчи 100 шаҳар аҳолиси ҳар йили ўртача 2.4% га ошса, улардаги умумий истеъмол харажатлари 4.5% га ўсиши кутилмоқда. Бу эса катта шаҳарларнинг келажакда ҳам бой одамларни жалб қилувчи марказ сифатида қолишини англатади.