Мадуро 2024 йилги сайловларда мағлуб бўлган ва Венесуэла президенти лавозимига даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга эмас, деб баёнот берди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
Ушбу баёнот Мадуронинг учинчи муддатга қасамёд қилган маросимидан кейин эълон қилинди. Блинкен мазкур тадбирни "ноқонуний инаугурация" деб атади ва АҚШнинг қонуний сайланган президент сифатида мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес Уррутиани тан олиш позициясини тасдиқлади. Уррутиа ҳозирда ҳорижда истиқомат қилмоқда.
Блинкеннинг сўзларига кўра, Мадуро ёки унинг ички ишлар вазири Диосдадо Кабельонинг қўлга олиниши ёки судланишига олиб келадиган маълумот учун максимал мукофот миқдори $25 млн этиб белгиланди. Шунингдек, Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес ҳақидаги маълумот учун $15 млн таклиф қилинмоқда.
Ушбу учала мукофот 2020 йил март ойида АҚШ томонидан қўйилган гиёҳванд моддалар савдоси айбловлари билан боғлиқ, улар Мадуронинг илк бор қайта сайланганидан икки йил ўтгандан сўнг эълон қилинган эди.