Бошқарувни йўқотган Россия нефти юкланган танкер Болтиқ денгизидаги Рюген оролининг шимолида сузиб юрибди. Воқеа жойида иш олиб бораётган Денгиз авария-қутқарув хизматининг маълумотларига кўра, танкер бортида 99 минг тоннага яқин нефть мавжуд. Бу ҳақда Bild нашриёти хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, гап Панама байроғи остида сузаётган Эвентин танкери ҳақида кетмоқда. 248 метр узунликдаги кема Россиянинг Уст-Луга портида нефть юклаган ва 6 январь куни йўлга чиққан. Охирги манзил сифатида Мисрдаги Порт-Саид кўрсатилган.
"Эвентин танкери 18 ёшда ва у Россиянинг соя флоти деб аталадиган қисмига киради. Россия бу флот ёрдамида Украинадаги уруш туфайли киритилган Ғарб санкцияларини четлаб ўтмоқда," - деб таъкидлайди нашр.