Бугун 31 июль, 2026 йил, жума

O'ZB

АҚШ миллий хавфсизлик сабаблари билан Хитойда ишлаб чиқарилган гуманоид роботларни тақиқлади

АҚШ миллий хавфсизлик сабаблари билан Хитойда ишлаб чиқарилган гуманоид роботларни тақиқлади

АҚШнинг Федерал алоқа комиссияси (FCC) Хитойда ишлаб чиқарилган гуманоид роботлардан фойдаланишни тақиқлашини эълон қилди. Комиссия бундай технологиялар мамлакат миллий хавфсизлиги учун «қабул қилиб бўлмайдиган хавф» туғдиришини билдирди.

FCC маълумотига кўра, чекловлар «хорижда ишлаб чиқарилган илғор робототехника қурилмалари»га нисбатан қўлланилади. Тақиқ нафақат гуманоид роботлар, балки ҳайвонларга тақлид қилувчи роботлаштирилган платформалар, жумладан тўрт оёқли роботларни ҳам қамраб олади.

Комиссия изоҳига кўра, бундай қурилмалар катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш имкониятига эга. АҚШ ҳокимияти фикрича, ушбу маълумотлар Америка фуқароларини кузатиш, хорижий махсус хизматлар имкониятларини кенгайтириш ёки роботларни масофадан туриб бошқариш орқали ғаразли мақсадларда фойдаланилиши мумкин.

Мазкур қарор президент Дональд Трамп маъмуриятининг Хитой технологияларининг Америка бозоридаги иштирокини чеклаш ва миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли сиёсати доирасида қабул қилинди.

Робототехникадан ташқари, FCC қайта тикланувчи энергия объектлари, аккумулятор тизимлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини электр тармоқларига улашда қўлланиладиган хорижда ишлаб чиқарилган қувват инверторларини ҳам тақиқлади.

Оқ уй ушбу чоралар Америка технологиялари ривожини рағбатлантириши ва компанияларни ишлаб чиқаришни АҚШ ҳудудига кўчиришга ундашига умид қилмоқда.

Ўтган ҳафта FCC ҳарбий тоифадаги айрим хорижий дронлар импортини тақиқлаш ташаббусини ҳам дастлабки тарзда маъқуллади. Америка оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, бу қарор биринчи навбатда Хитой ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларига тааллуқли.

Бундан ташқари, 16 июлдан бошлаб АҚШда регуляторнинг санкциялар рўйхатига киритилган бир қатор Хитой компанияларининг қўшимча ускуналарини импорт қилиш ҳам тақиқланган.

Киритилди: 21:50 30.07.2026. Ўқилди: 223 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!