Бугун 30 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон билан урушда гипертовушли ракеталардан фойдаланмоқчи

АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон билан урушда гипертовушли ракеталардан фойдаланмоқчи

Қўшма Штатлар армиясининг Марказий қўмондонлиги (Centcom) Пентагонга "Dark Eagle" гипертовушли ракеталарини Яқин Шарққа жойлаштириш бўйича сўров юборди.

Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.

Ҳали қуролли кучлар ихтиёрига тўлиқ топширилмаган ушбу тизимлардан фойдаланиш зарурати Эроннинг баллистик ракета қурилмаларини мамлакат ичкарисига кўчиргани билан изоҳланмоқда. Бу эса уларни АҚШнинг мавжуд ракеталари учун етиб бўлмас қилиб қўйган.

Агар сўров маъқулланса, бу АҚШ гипертовушли ракеталарининг илк бор жойлаштирилиши бўлади, бироқ ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. "Dark Eagle" ракеталарининг учиш масофаси 3,5 минг километрни ташкил этади. Ҳозирда улардан 8 тадан кўп бўлмаган миқдорда ишлаб чиқарилган ва ҳар бирининг нархи тахминан 15 миллион долларни ташкил қилади.

Ҳозирги вақтда Вашингтон ва Эрон ўртасидаги урушда Доналд Трамп томонидан эълон қилинган сулҳ амал қилмоқда. Bloomberg'нинг фикрича, Centcom сўрови ҳарбийларнинг, агар Трамп шундай қарорга келса, урушни давом эттиришга тайёрлигини англатади.

Киритилди: Бугун 16:31. Ўқилди: 326 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!